У иймонларига иймон зиёда бўлиши учун мўминлар қалбига сокинликни нозил этган зотдир. Ва осмонлару ернинг лашкари Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.
Мўминлар ва мўминаларни тагларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга мангу киритиш учун ва уларнинг гуноҳлари ювиш учун. Ва бу Аллоҳнинг ҳузурида катта ютуқдир.
Аллоҳ тўғрисида ёмон гумон қилувчи мунофиқ ва мунофиқалар, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун. Уларни ёмонлик ўраб олсин. Уларга Аллоҳ ғазаб қилди, уларни лаънатлади ва уларга жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Ва нақадар ёмон жой у!
Албатта, сенга байъат қилаётганлар фақат Аллоҳнинг Ўзига байъат қилмоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир. Ким (аҳдни) бузса, ўзига қарши бузади, холос. Ва ким Аллоҳга қилган аҳдига вафо қилса, унга тезда улкан ажр берилур. (Ҳудайбия сулҳидаги байъат пайтда Расули акрам алайҳиссалом хурмо дарахти остида ўтирган бўлганлари учун ҳам бу кунни «шажара (дарахт) куни» деб, байъатни эса «дарахт остидаги байъат», деб аталган. Саҳобалардан Маъқал ибн Ясар розийаллоҳу анҳу: «Дарахт куни» Пайғамбар алайҳиссалом одамларнинг байъатини қабул қилар эдилар, мен эса у кишининг бошларида бир шохни кўтариб турар эдим, ўшанда бир минг тўртюз киши эдик», деганлар. Ҳар бир саҳобий Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўлларини тутиб туриб, уруш бўлиб қолса қочиб кетмаслик, дин йўлида жон фидо қилишга аҳду паймон берган. Ушбу ҳолатни Қуръони карим Пайғамбар алайҳиссаломга қўл бериб, аҳду паймон қилишни Аллоҳ таолога аҳду паймон қилиш — байъат қилишдан ўзга нарса эмас, деб тушунтирмоқда.)
Балки сизлар Расул ва мўминлар абадий ўз аҳлларига қайтиб келмаслар, деб гумон қилдингиз ва бу нарса қалбингизда зийнатланди, ёмон гумон қилдингиз ва ёмон қавм бўлдингиз.
Ортда қолган аъробийларга: « Катта кучга эга қавмга (қарши) чақирилурсизлар, улар мусулмон бўлгунларича урушурсизлар. Агар итоат қилсангиз, Аллоҳ сизга яхши ажр берур. Ва агар яна аввал қочганингиздек, ортга қочсангиз, аламли азоб ила азоблайдир», деб айт. (Яъни, кучли, шиддатли қавмга қарши урушга даъват қилинасизлар, улар мусулмон бўлгунларига қадар уруш қилишингиз керак. Фармонга итоат қилиб буйруқни бажарсангиз, яхшилар сафидан ўрин оласиз, яхши ажрларга эга бўласиз. Аммо аввалги сафаргидек, ортингизга қараб қочсангиз, Аллоҳ сизни аламли азоб ила азоблайди, деди.)
Кўрга танглик йўқ, чўлоққа ҳам тангликлик йўқ. Ҳаста кишига ҳам танглик йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, уни остидан сувлар оқиб турган жаннатларга киритилур. Ким юз ўгирса, аламли азоб ила азоблар.
Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида сенга байъат қилаётганларида рози бўлди. Бас, уларнинг қалбларидагини билди, уларга сокинликни туширди ва яқин фатҳ ила мукофатлади. (Аллоҳ таолонинг Ўзи каломи покида Ҳудайбияда Пайғамбар алайҳиссаломга байъат қилган бир минг тўрт юз соҳабаи киромлардан рози эканлигини эълон қилиб турибди. Бу эълон қиёмат кунигача ибодат, тиловат бўлиб туриши таъминланган. Шунинг учун ҳам мазкур байъатнинг бир номи «Байъатир-Ризвон» — «розилик байъати»дир.)
Ва сизлар қодир бўлмаган бошқасини ҳам (ваъда қилди). Уни Аллоҳ иҳота қилган ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир зотдир. («Бошқа» фатҳ борасида тафсир уломолари Хайбар фатҳи, Макка фатҳи ва яна бошқа фатҳларни назарда тутилган деганлар.)
Эсла! Куфр келтирганлар қалбларида қизиққонликни жоҳилият қизиққонлигини жойлаганларида, Аллоҳ Ўз сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ва уларга тақво калимасини лозим кўрди, улар ушбуга ҳақли ва аҳл эдилар. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир. (Кофирлар Муҳаммад алайҳиссалом бошчиликларидаги соф ниятли мусулмонларни Масжидул Ҳаромдан ман қилдилар. Ҳеч бир вақт, ҳеч бир шароитда ҳам содир этилмаган шармандаликни қилдилар. Макка мушрикларининг бу ҳолатларига қарши иккинчи тараф — Муҳаммад алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар ўзларини қандай тутдилар? Аллоҳ таоло уларнинг қалбига сокинлик ва ҳаловат солди. ҳамма нарсани камтарлик ва осойишталик билан, Аллоҳнинг розилигини тилаб қиладилар. Уларга Аллоҳ таоло тақво калимасини раво кўргани ҳам шундан.)
Батаҳқиқ, Аллоҳ Расулининг тушини ҳақ ила тасдиқлади, албатта, Масжидул Ҳаромга, иншоаллоҳ, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда қўрқмасдан кирасизлар. Бас, У сиз билмаган нарсани биладир ва сизларга бундан бошқа яқин фатҳни қилди. (Бу оятда Аллоҳ таоло мўминларга бир неча хушхабар етказмоқда. Аввало, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушларини тасдиқламоқда. Қолаверса, Масжидул Ҳаромга кириш албатта насиб этишининг хабарини бермоқда. Ушбу хабарни Аллоҳнинг Ўзи таъкидлаб бераётганига қарамай, яна Ўзи «иншоаллоҳ»— Аллоҳ хоҳласа, деган иборани ишлатмоқда. Бундай дейиш иймон одобларидан бўлиб, дунёдаги ҳар бир ишни ва воқеани Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлашдан иборатдир. Бу ваъда Ҳудайбия сулҳидан кўп ўтмай амалга ошди.)
Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар. Уларни Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрурсан. Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийдир). Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу худди уруғини ёриб чиқариб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшайдир. Кофирларнинг ғазабини қўзиш учун. Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди. (Саҳобалар, оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлсалар, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо ким бўлишидан қаттий назар, мусулмонга меҳрибон бўлишган. Уларнинг асосий сифатларидан бири — ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишлари. Яна бир сифатлари — улар доим рукуъ ва сажда холатида, яъни, ибодат холатида бўладилар. )